ГИПОТЕЗА

ГИПОТЕЗА (юн. hypothesis — асос, тахмин) — ҳодисаларнинг қонуний (сабабли) боғланиши тўғрисидаги тахм. мулоҳаза, фараз. Гипотеза илмий билишни ривожлантириш учун асос бўлади. Гипотезанинг мантиқий жиҳатдан таҳлил қилиш (таққослаш, анализ ва синтез, мавҳумлаштириш ва умумийлаштириш) асосида бевосита билимга ўтиш, сабабий боғланиш асосида қонуниятларни очиш каби босқичлари бор. Умумий Гипотеза бир гуруҳ ҳодисалар, жараёнлар хусусияти ва сабаби тўғрисидаги, хусусий Гипотеза алоҳида, якка ҳодисалар, жараёнлар сабаби тўғрисидаги тахминдир. Ҳар қандай Гипотеза текширишни талаб қилади. Натижада унинг эҳтимоллиги ортади ёки камаяди, ҳақиқатлиги исботланади ёки рад этилади. Янги фактларни эски назариялар билан изоҳлаш мумкин бўлмаганда, чекланган миқдордаги фактлар ва кузатишларни изоҳлашда Гипотезага эҳтиёж туғилади. У кейинги билимларга, текширишларга йўл очади, янги назариялар эса яна бошқа Гипотезани туғдиради. Гипотеза билиш жараёнининг ажралмас қисми сифатида муҳим аҳамиятга эгадир.

Loading...