ГИПОТОНИЯ

ГИПОТОНИЯ (гипо… ва юн. tonos — таранглик) — тўқима, аъзо ва системаларнинг бўшашуви, яъни тонуси (таранглиги)нинг пасайиши. Юрак-томир системасининг тонуси пасайганда кон босими паст бўлади. Гипотония кўпинча қон босимининг пасайганлигини ифодалайди (90/60 мм симоб устунидан паст). Қон босимининг мароми (нормадагиси) ёшга, географик минтақага қараб бир оз фарқ қилиши мумкин (тропик ва субтропик мамлакатларда яшайдиган кишиларнинг қон босими шим. ҳудудлардагиларга нисбатан пастроқ бўлади). Спорт (айниқса оғир атлетика) билан мунтазам шуғулланадиган йигит-қизларда, оғир жисмоний иш қиладиган кишиларда, балет артистларида Гипотония йиллаб, баъзан эса умрбод давом этиши мумкин. Бундай кишилар ўзларини яхши сезадилар ва бемалол ишлайверадилар. Буфизиологик Гипотония бўлиб, дори-дармоннинг ҳожати йўқ. Патологи к Г. эса турли инфекцион касалликлар, заҳарланиш, оч юриш ёки ёлчитиб овқатланмаслик, шунингдек, эндокрин безлар касаллиги натижасида юзага келади. Гипотония кўпгина касалликларнинг бошланиш белгиларидан бўлиши ёки вегетатив нерв системаси фаолиятининг издан чиқиши сабабли мустақил касаллик сифатида авж олиши мумкин. Гипотонияда бош оғриғи, мадорсизланиш, уйқу бузилиши, жиззакилик, қон босимининг бирдай паст туриши ва б. кузатилади. Гипотония, одатда, сурункали кечиб, вақт-вақти б-н, айниқса қиш-баҳорда, шунингдек, руҳий ҳаяжон ёки ноқулай ташқи омиллар (об-ҳаво кескин ўзгарганда) таъсирида қайталаниб туради. Гипотониянинг олдини олиш учун меҳнат ва дам олишни тўғри уюштириш, дам олиш кунлари яхши ҳордиқ чиқариш, бадан тарбия билан шуғулланиш, эрталаб аччиқ чой ёки қаҳва ичиш, бекаму кўст овқатланиш керак. Гипотония белгилари пайдо бўлганда врачга мурожаат қилиб, даволаниш лозим. Даво асосан касалликка сабаб бўлган омилларни бартараф этишдан иборат. Қон босимини кўтарадиган ва қувватга киргизадиган дорилар, шунингдек, санаторий ва курортларда даволаниш тавсия этилади.