ГИППОКРАТ (Hippokrates) (мил. ав. 460, Кос ороли — 377, Фессалия) , Буқрот, Абуқрат — юнон врачи, илмий тиббиёт асосчиларидан бири. Г. Юнонистонда машҳур бўлган шифокор гиппократлар сулоласининг ўн саккизинчи авлоди. У тиббиётга оид маълумотни отаси Гераклитлан олган. Гиппократ асарлари Ғарб ва Шарқ врачлари қўлида мўътабар қулланма бўлиб келди. Гиппократга 75 га яқин асар нисбат берилади. «Мажмуайи Буқротия» («Буқрот тўплами») номи билан машҳур бўлган бу асарларнинг аксарисини Гиппократ вафотидан кейин ўғиллари ва шогирдлари ёзган. Гиппократ асарларини ва уларга Гален берган шарҳларни Ҳунайн ибн Исҳоқ (809877) сурёний ва араб тилларига таржима қилган. Улар Ўрта ва Яқин Шарқ мамлакатларида кенг тарқалган. Гиппократнинг «Китоб ал-Фусул» («Афоризмлар») китоби жуда машҳур. Унга кўп олимлар шарқ беришган, шу шарҳлардан бири Ўзбекистан ФА Шарқшунослик ин-тида 3139-рақами б-н сақланмоқда. Гиппократ тиббиётни коҳинлар таъсиридан қутқарди ва унинг мустақил ривожланиш йўлларини таърифлади, врач касалликни эмас, балки беморни даволаши керак, деб таълим берди. Ташқи муҳит омиллари (иқлим, тупроқ, сув, кишиларнинг ҳаёт йўсини, мамлакат қонунлари ва б.)ни одамга, унда жисмоний ва руҳий хусусиятларнинг шаклланишига таъсири жиҳатдан ажратди. Гиппократ тиббиёт географиясига асос солди. Касаллик этиологияси (касаллик сабаби) ва уни аниқлаш (диагностика) масалаларини, даволаш тизимини ишлаб чиқди. Шифокор хулқ-атворининг қисқача таърифи бўлган қасамёд («Гиппократ қасамёди») матнини ҳам Гиппократ ёзган дейишади. Гиппократни «тиббиётнинг отаси», деб атайдилар.