ГИПС БОҒЛОВ

ГИПС БОҒЛОВ — тез қотадиган боғлов; дока бинтга гипс кукунини бир текисда ёйиб тайёрланади. Тиббиёт амалиётида синган оёқ-қўлни ҳаракатсизлантириш (қ. Иммобилизация) учун қўлланилади. Биринчи бўлиб Н. И. Пирогов таклиф этган (1854). Суяк синганда ва бўғимларга шикаст етганда, уларни қимирламайдиган қилиб қўйиш, суяк-бўғим силини даволаш, туғма ва ҳаёт давомида қийшайиб қолган умуртқа поғонасини тўғрилаш учун ишлатилади. Гипс боғлов ишлатилишидан олдин тоғорадаги илиқ сувга тиқиб олинади. Сувни яхши шимиб олган гипсли бинтни бир оз сиқилади ва яланғоч баданга ёки нам тортмайдиган пахта устидан қўйилади. Гипс боғлов баданга текис ва жипс ёпишиб, қимирлатмай қўяди. Гипс боғлов айланма ёки гипс лонгета шаклида бўлиши мумкин. Оёққўл ёки танага айланма Гипс боғлов қўйилади. Гавданинг бирор қисмини қимирлатмай қўйиш учун гипс лонгета ва б. ишлатилади. Умуртқа поғонаси силида гипедан ясалган махсус каравотлар, суяк очиқ синганида ёки операция қилинганида шикастланган соҳада тешик қолдирилган Гипс боғловлар қўлланилади. Гипс боғлов жуда сиқиб қўйилса, қон айланиши бузилиши мумкин: Г. б. қўйилган жой огрийди, чумоли юраётгандек туюлади, шишади, совийди, оёқ ёки қўл бармоқлари кўкаради ёки оқаради, ҳеч нарса сезмай қолади. Бундай ҳолларда дарҳол врачга кўрсатиш керак. Гипс боғловни бўлиниб кетишдан сақлаш лозим, акс ҳолда шикастланган жойнинг битиши бузилади. Оёққа қўйилган Гипс боғлов кир бўлиб кетмаслиги учун устидан пайпоқ кийилади, қўл ёки б. жойда бўлса бинт ўраб, кир бўлганда алмаштириб турилади. Ёш болаларга Гипс боғлов қўйилса, устидан клеёнка ўраб қўйилгани маъқул, акс ҳолда улар ёзилганда нам тегиб Гипс боғлов тушиб кетиши мумкин.