ГИРИҲ (форс. — муаммо, тугун, чигал) — мураккаб ҳандасий нақш; меъморлик ва бадиий ҳунармандликда кенг ишлатилади. Нақш асоси учбурчак, тўртбурчак, мурабба, айлана ва ёй шаклли тақсимлардан ташкил топади. Ҳандасий жиҳатдан Гириҳни таҳлил этиш, чизиб чиқиш, янги турларини ижод этиш махсус тайёргарлик ва маҳоратни талаб қилади. Гириҳлар яратилиш даврида содда бўлиб, кейинчалик такомиллашиб, мураккаблашиб борган. Гириҳ қанча мураккаб мужассамотга эга бўлмасин, унинг қулай томони ҳам бор: ҳар қандай Гириҳ такрорланувчи маълум бўлак (тақсим)ларга ажралади. Тақсимлар такрорланган сари гўзал, жозибадор бўлиб боради. Шу туфайли баъзи содда Гириҳ лардан ташкил топган мураккаб Гириҳни қайта парчалаб, бир неча содда ва мустақил Гириҳ ясаш, икки Гириҳни бир-бирига чатиштириб учинчи хил Гириҳ яратиш мумкин. Шаклларига қараб Гириҳлар турлича номланади: тақсим асосида 5 ва 10 қиррали юлдуз бўлса «5 ва 10 қиррали Гириҳ», паргар ёрдамида чизилган эгри чизиқлардан ясалса «Паргари Г.» ва ҳ. к.
Сақланиб қолган меъморий обидалар, рўзғор буюмлари (баркаш, обдаста, лаган, сопол идишлар, гилам, палак ва б.), зардўзлик, китоб безакларида Гириҳ нақши кўп учрайди. Айниқса меъморий безаклар орасида Гириҳ етакчи (ислимий нақш иккинчи) ўринни эгаллайди. Меъморий ёдгорликлардаги Гириҳларни ясаш калитини топиш кўпинча анча машаққатли меҳнатни талаб этади. Наққош, гириҳшунос уста З. Боситхонов кўпгина (300 дан ортиқ) Гириҳларни тиклаган ва уларни қуриш йўлларини топган, янгиларини яратган.
Гириҳнинг қачон, қаерда вужудга келганлиги номаълум. Ҳоз. Ўзбекистан ҳудудидаги меъморий обидалардан хусусан 10-а. да Аработа мақбараси (Самарқанд вилояти), Мирсаид Баҳром (Кармана), Работи Малик карвонсаройи (Навоий), Жума масжиди (Хива), 12-а. да Афросиёб (Самарқанд), Термиз шохлар саройи, Масжиди калон (минораси, 12-а., Бухоро), 15—16-а. ларда Хўжа Аҳмад Яссавий мажмуаси (Туркистон), Регистон майдонидаги Улуғбек, Шердор, Тиллакори мадрасалари, Бибихоним масжиди, Шоҳизинда ансамблидаги кўпгина бинолар (Самарқанд), Кўкалдош, Барокхон мадрасалари, Зангиота мақбараси (Тошкент), Худоёрхон саройи ҳамда масжидлари (Қўқон) безакларида Гириҳ нақши кўплаб учрайди.
10—11-а. ларда фақат ганчда, 12-а. да сопол буюмлар ва ғишт қаламаларида, 14-а. дан кошин, парчин, ёғоч, тош ва рангли нақшларда учрайди. 15-а. га келиб сополга ўйилган нақшлар юзаларига сир бериш расм бўлди. Гириҳни ишлатиш имкониятлари яна кенгайди.
20-а. да ўзбекистонлик Уста Ширин Муродов, Шамсиддин Ғафуров, Махмуд Усмонов ва б. усталар биноларни безашда қўллаган Гириҳлар ўзининг содда ва гўзаллиги, ажойиб ва мукаммаллиги билан ажралиб туради. Гириҳнинг бундай намуналарини Тошкентдаги Навоий, Муқимий театр бинолари, Ўзбекистан халқлари тарихи музейи, Халқлар Дўстлиги саройи, метро бекатлари ва б. да кўриш мумкин. Айниқса, Ўзбекистан мустақиллигидан кейин барпо қилинган Темурийлар тарихи давлат музейи, Бухорий мажмуаси, Олий мажлис биноси каби йирик меъморий иншоотлар, жамоат (чойхона, маҳалла гузарлари ва б.) ва хусусий бинолар безагида Гириҳ нақшнинг асосий турларидан бирига айланди.