ГИРОКОМПАС

ГИРОКОМПАС (гиро… ва компас) — географик меридианига нисбатан кемалар йўлини кўрсатиб берувчи асбоб. Ишлаш тарзи гироскоп билан Ернинг суткалик айланиши хоссаларидан фойдаланишга асосланган; бу ғояни француз олими Л. Фуко таклиф қилган. Гирокомпас кемаларнинг бирор мўлжалга ва б. кемаларга томон йўналишини аниқлаш учун ишлатилади. Кеманинг чайқалиши туфайли Гирокомпаснинг нотўғри кўрсатиши махсус мосламалар ёрдамида тузатиб турилади. Гирокомпаснинг камчилиги шуки, қутб кенгликларида йўналтириш кучи камаяди.