ГИРОСКОП

ГИРОСКОП (гиро… ва…скоп) — айланиш ўқи фазода ўз йўналишини ўзгартира оладиган тез айланувчи қаттиқ жисм. Айланиш ўқи фазода эркин айлана олиши учун Гироскопни карданли осмага маҳкамлаб қўйиш керак (қ. Карданли механизм). Осма марказига нисбатан Гироскоп исталган йўналишда бурилиши, унинг айланиш ўқи доиравий конуссимон сирт ясаб ҳаракатланиши (қ. Прецессия) мумкин. Кейинги хусусияти навигация асбоблари — гирокомпас, гировертикал ва б. га асбоб қилиб олинган. Гироскопнинг ҳар қандай ҳолда ҳам фазода ўз ўқи йўналишини ўзгаришсиз сақлай олиши хоссасидан самолёт, ракета, денгиз кемалари, торпедолар ва б. ҳаракатини автоматик тарзда сақлаш учун фойдаланилади (мас, автопилот). Кемаларда матросларнинг осма тўркроватлари Гироскоп хоссасига асосланган (кема қанчалик чайқалмасин матрослар бемалол ухлаб кетишаверади). Самолётнинг курсдан оғганлигини аниқлайдиган асбоб йўналиш Гироскопи, яъни гирополукомпас деб аталади. У автопилотларда қўлланилади.