ГИСТАМИНГА ҚАРШИ ДОРИЛАР

ГИСТАМИНГА ҚАРШИ ДОРИЛАР, антигистамин воситалар — гистаминнинг айрим аъзоларга ва бутун организмга таъсирини сусайтирадиган моддалар. Улар ичак ва бронх мускулларининг гистамин таъсирида қисқаришига йўл қўймайди, унинг қон айланишига таъсирини камайтиради, капиллярлар ўтказувчанлигининг гистамин таъсирида ортишига тўсқинлик қилади, анафилактик реакцияларнинг кечишини осонлаштиради. Гистаминга қарши дорилар меъдадан шира чиқишининг гистамин таъсирида кучайишига барҳам бермайди, гистамин чиқишига айтарлик таъсир кўрсатмайди ва антиген — антитело реакцияларига путур етказмайди. Айрим Гистаминга қарши дорилар марказий нерв системасининг фаолиятини сусайтириб, беморни тинчлантиради ва ухлатади, наркотик, оғриқ қолдирувчи дорилар таъсирини кучайтиради, денгиз ва тоғ касаллигида кўнгил айниши ва қусишнинг олдини олади, ҳомиладорларнинг қусишини босади, тиришишга қарши таъсир этади.

20-а. охирларида Гистаминга қарши дорилар нингянги туркуми — Н2-гистамин блокаторлар ихтиро қилинди. Булардан циметидин, ранитидин, фамотидин, низатидин, роксатидин ва уларнинг кўплаб аналоглари меъда-ичак ярасини даволашда кенг қўлланилмоқда. Гистаминга қарши дорилар асосан эшакем, аллергик ва вазомотор ринит, аллергик конъюнктивит, экзема, капилляротоксикоз, бронхиол астманинг бошлангич даврида буюрилади.