ГИСТОГЕНЕЗ

ГИСТОГЕНЕЗ (гисто… ва генез) — онтогенезла кўп ҳужайрали организмлар тўқималарининг пайдо бўлиши, функцияси ва қайта тикланишини таъминлайдиган филогенетик жараёнлар мажмуи. Тўқималар онтогенез жараёнида организм ривожланишининг дастлабки даврларидаёқ муайян эмбрион варақларидан пролиферация, ўрин алмашиниш (морфогенетик ҳаракатланиш) ва б. жараёнлар натижасида вужудга келади. Гистогенезнинг муҳим омили хилмахил морфологик ва физиологик типдаги ҳужайраларнинг пайдо бўлишига ва уларнинг организмда муайян қонуният асосида тақсимланишига олиб келадиган детерминлашган ҳужайраларнинг ихтисослашувидан иборат. Гистогенезда баъзан ҳужайралар оралиғи моддасининг ҳосил бўлиши кузатилади. Гистогенезга киришган ҳужайралар муайян гуруҳларга бўлинади: ўзига ўхшаш ҳужайраларнинг ихтисослашиб етишиб чиқишига ёки бундай ҳужайраларнинг ўрнини тўлдиришга имкон берадиган асос солувчи (аждод) ҳужайралар; бошлаб берувчи (чала асос солувчи), яъни ихтисослашган, лекин бўлиниш хусусиятини йўқотмаган ҳужайралар; ихтисослашиб етишган ҳужайралар. Постнатал даврда репаратив Гистогенез шикастланган ёки қисман йўқотилган тўқималарнинг қайта тикланишидан иборат. Гистогенез даги сифат ўзгаришлари ўсмалар пайдо бўлиши ва ўсишига олиб келиши мумкин. Гистогенез гистологиятлш асосий бўлимларидан бири ҳисобланади (яна қ. Тўкима, Тўқима культураси).