ГИСТОКИМЁ, гистологик кимё — гистологияиннг бир бўлими; ўсимлик ва ҳайвон тўқималарининг кимёвий хоссаларини ўрганадиган фан. У организм ва тўқималарда кимёвий моддалар (оқсиллар, ферментлар, нуклеин кислоталар, углеводлар, липидлар) нинг олган ўрнини ва биокимёвий жараёнларни текширади. Ҳужайралар ҳақидаги фан — цитокимё моддаларнинг ҳужайрадаги ўрнини ўрганади. Гистокимё ўсимликлар ва ҳайвонлар биол. си, биокимё, физиология, фармакология ва б. фанлар билан чамбарчас богланган. Гистокимё 20-а. нинг 30-й. ларида вужудга келиб, ҳозир жадал ривожланмоқда. Гистокимёнинг умумий биологик аҳамияти катта. Гистокимёда аниқланаётган қонуниятлар гистология, патологик анатомияни ривожлантиришга, микроскопик структуралардаги кимёвий жараёнлар ўрни билан уларнинг махсус биологик функциялари ўртасидаги боғланишни аниқлашга ёрдам беради. Цитофотометрия, авторадиография, ультрабинафша нурлар билан ўтказиладиган микроскопия, интерференцион микроскопия ва б. замонавий усуллардан фойдаланиб, текширилаётган моддалар (полисахаридлар, липидлар, оқсиллар ва б. кўпгина органик моддалар; шунингдек, тўқима ва ҳужайралардаги ноорганик компонентлар)нинг ўрни, миқцори ва бу миқдорнинг ўзгаришини аниқлаш мумкин.