ГИТЛЕРЧИЛАРГА ҚАРШИ КОАЛИЦИЯ

ГИТЛЕРЧИЛАРГА ҚАРШИ КОАЛИЦИЯ — 2-жаҳон уруши давомида юзага келган, Германия, Италия, Япония ҳамда уларнинг шериклари иттифоқига қарши турган давлатлар ва халқларнинг кенг кўламли ҳарбийсиёсий иттифоқи. Гитлерчиларга қарши коалицияга турли манфаат ва мақсадларни кўзлаган АҚШ, Буюк Британия, Франция, собиқ Иттифоқ, Хитой ва б., жами 50 дан зиёд мамлакат бирлашди. Унинг таркибига кирган Албания, Австралия, Бельгия, Бразилия, Ҳиндистон, Канада, Польша, Чехословакия, Югославия, Янги Зеландия каби мамлакатлар буюк давлатлар билан бирга умумий душманга қарши курашда ўз қуролли кучларини ишга солган, баъзи бир давлатлар (Мексика ва б.) моддий кўмак берган. Шўро қўшинлари ўз қудудига бостириб кирган душман армияларини тор-мор келтириб, Шарқий ва Марказий Европани гитлерчилардан озод қилган бўлса, иттифоқчиларнинг қуролли кучлари Германиянинг Ғарбий Европада жойлашган қўшинлари ҳамда милитаристик Япониянинг ҳарбий қудратини синдириб, иттифоқдошларига қуроляроғ, ҳарбий техника, озиқ-овқат билан ёрдамлашиб, умумий ғалабага салмоқли ҳисса қўшди. Гитлерчилар ва шериклари босиб олган мамлакатларда вужудга келган яширин Қаршилик кўрсатиш ҳаракати босқинчиларга зарба бериб турди. Г. қ. к. нинг 2-жаҳон урушида қозонган тарихий ғалабасида фронтга аскар кучларини жўнатган, армияни қурол-яроғ, кийим-кечак ва озиқ-овқат билан таъминлаб турган, минглаб кўчириб келтирилганларга бошпана берган, етим-есирларни бағрига босган Ўзбекистоннинг ҳам улуши бор.