ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИ

ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИ — махсус рўйхатга киритилган ва давлат томонидан назоратга олинган, гиёҳвандликни келтириб чикарувчи синтетик восита (препарат)лар ва ўсимликлар. Г. в. рўйхати БМТнинг 1988 й. ги «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши кураш тўғрисида»ги конвенциясида, шунингдек, Гиёҳвандлик воситалари устидан назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат комиссиясининг қарорига (1995 й. 1 апр.) 1-сонли иловада берилган. Гиёҳвандлик воситаларилар сирасига марихуана, наша, каннабис смоласи, наша мойи, қорадори, морфин, героин, кодеин, эфедрон, кокаин ва б. киради. Гиёҳвандлик воситаларидан тиббий мақсадларда фойдаланилганда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибга катъий риоя этилиши керак. Гиёҳвандлик воситалари билан эркин муомала қилиш тақиқланган. Ўзбекистон Республикасининг 1999 й. 19 авг. даги «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги қонунига биноан, уларни ветеринария, илмий ва ўқув мақсадларида, экспертлик фаолиятида, жисмоний шахсларга бериш ва б. мақсадларда муомалада бўлиш шартлари ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдикланади. Гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзламай, оз миқдорда, ғайриқонуний тарзда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланган (ЎзР МЖК, 56-модда). Ўзбекистон Республикаси ЖКда таркибида Гиёҳвандлик воситалари бўлган экинларни экиш ёки етиштириш (270-модда), қонунга хилоф равишда эгаллаш (271-модда), ўтказиш мақсадини кўзлаб тайёрлаш, олиш, саклаш, ташиш, жўнатиш (273-модда), Г. в. ни истеъмол қилишга жалб этиш (274-модда), уларни и. ч. ёки фойдаланиш қоидаларини бузиш (275-модда), ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва б. ҳаракатлар (276-модда) учун жиноий жавобгарлик белгиланган. «Гиёҳвандлик воситаси бўлган ўсимликларни экиш», дейилганда уларнинг уруғини махсус тайёрланган ерга сепиш ёки кўчатини ўтқазиш тушунилади ва шу ҳаракатларнинг ўзи шахсни жиноий жавобгарликка тортишга асос бўлади. «Гиёҳвандлик воситаси бўлган ўсимликларни етиштириш», дейилганда ҳар қандай ерда экилган ёки ўзи униб чиқиб, ўсиб ётган шундай ўсимликларни парвариш қилиш (суғориш, чопиш, ўғит бериш ва ҳ. к.) тушунилади. «Гиёҳвандлик воситаларини конунга хилоф равишда эгаллаш», дейилганда уларни ўғрилик, фирибгарлик, ўзлаштириш, талончилик, мансабни суиистеъмол этиш, товламачилик, босқинчилик каби йўллар б-н эгаллаш тушунилади. Гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзлаб тайёрлаган, олган, сақлаган, ташиган шахс, агар шундай ҳаракатни биринчи марта содир этган бўлса ва улар миқцори кўп бўлмаса, ўз ихтиёри билан айбини бўйнига олиб келиб, Гиёҳвандлик воситаларини топширса, жазодан озод қилинади (273-модда). Гиёҳвандлик воситаларининг конунга хилоф равишда муомалада бўлишига йўл қўйган юридик шахс суднинг карорига биноан тугатилиши мумкин.

Гиёҳвандлик воситалари ишлаб чиқариш ва улар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш оғир жиноятчиликни, жиноий бизнесни келтириб чиқаради.

Мамажон Усмоналиев.

Next Article

ГИЖДА