ГЛИЭР Рейнгольд Морицевич [1874.30.12(1875.11.1), Киев – 1956.23.6, Москва] — композитор, мусиқа арбоби, дирижёр, педагог. Озар-байжон (1934), Россия (1935), Ўзбекистан (1937) халқ артиста, проф. (1913), санъатшунослик дри (1941). Москва консерваториясини тугатган (1900).
«Лолақизғалдоқ» (1927, 2-таҳрирда «Қизил гул»), «Мис чавандоз» (1949) каби балетлар, овоз ва оркестр учун концерт, симфониялар, романслар ва б. муаллифи. Глиэр рус мумтоз мусиқа анъаналарини давом эттириб, ўз ижодида турли халқлар (рус, украин, озарбайжон, ўзбек, бурят-монгол ва б.) мусиқа меросига изчил мурожаат этган. У 1920-й.
лари Озарбайжонда, 1930—40 й. лари Ўзбекистонда баракали ижод қилиб, «Шоҳсанам» операси (1927), «Гулсара» (1936, Т. Жалилов ва Т. Содиқов билан ҳамкорликда) мусиқали драмаси, Т. Содикрв билан биргаликда «Лайли ва Мажнун» (1940), «Гулсара» (1949) операларини яратган. Шунингдек, «Алишер Навоий» фильмига мусиқа, ўзбек куйлари асосида «Тантанали» (1937), «Фарғонача байрам» (1940) симфоник увертюралари, қатор романс ва б. асарлар ижод этган. Ўзбек миллий мавзусидаги асарларида Глиэр халқ мусиқа мероси бойликларидан унумли фойдаланган. Тошкентдаги Республика ўрта махсус мусиқа интернат мактаби, ЎзРдаги бир неча болалар мусиқа мактаблари Г. номига қўйилган.