ГЛИЦЕРИДЛАР

ГЛИЦЕРИДЛАР, ацилглицеринлар — глицерин билан органик ёки минерал кислоталарнинг мураккаб эфирлари. Молекуладаги кислота қолдиғига қараб моно-, ди — ва триглицеридларга бўлинади. Глицеридларда изомерлар мавжуд бўлиб, бу улар таркибига кирувчи қолдиқларнинг жойлашувига боғлиқ. Анорганик кислоталар глицеридларидан нитрат кислота триглицериди — нитроглицерин катта аҳамиятга эга. Карбон кислоталарнинг Глицеридлари ўсимлик ва ҳайвон ёғларининг таркибий қисмидир. Улар тегишли карбон кислоталарни глицерин билан этерификациялаб олинади.

Стеарин, олеин, пальмитин кислоталарнинг Глицеридлари озиқ-овқат ёғларининг эмульгатор ва стабилизатори, турли кремлар, пластификаторлар ва сурков мойлари, совун олишда хом ашё сифатида қўлланилади. Нитроглицерин шифобахш дори ҳамда портловчи моддалар компонентидир.

Loading...