ГЛИЦЕРИН (юн. glykeros — ширин) — 1, 2, 3-пропантриол, НОСН2 — СНОН—СН2ОН — уч атомли оддий спирт; рангеиз, ҳидсиз, шиннига ўхшаш, чучмал суюқлик; Мол. м. 92,09, зичлиги 1260 кг/м3, суюкланиш т-раси 17,9°, қайнаш т-раси 290°, сувга, метил ва этил спиртларга, ацетонга аралашади, спирт б-н эфир ёки хлороформ аралашмасида эрийди; ёғ, бензин, бензол, углерод сульфидда эримайди. Органик ва анорганик моддаларни, мас, туз, ишқор, шакарларни эритиб юборади; ҳаводан сув ютади (оғирлик жиҳатидан 40% гача). Сув билан аралаштирилса иссиқлик ажралиб чиқиб, контракция (ҳажм камайиши) ҳодисаси кузатилади. Бошқа спиртлар каби металл глицератлар ҳосил қилади.
Глицеринга минерал кислоталар таъсир эттириб эфирлар олинади, мас, нитрат ва сульфат кислоталар аралашмаси таъсир эттирилса, нитроглицерин ҳосил бўлади. Глицерин табиий ёғ ва карбон кислоталарнинг триглицеридлари аралашмасидан иборат мойлар таркибида бўлади.
Саноатда озиқ-овқат ёғларини турли катализаторлар (кислоталар, ишқорлар, ферментлар) иштирокида совунлаш йўли б-н олинади. Ҳозир Глицеринни синтез йўли б-н пропилендан олиш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Глицерин организмда ёғлар ва фосфатидларнинг парчаланишидан ҳосил бўлиб, ёғ ва углерод алмашинувида боғловчи воситасини ўтайди. Юқори ёғ кислоталарининг триглицеридлари ҳайвон ва ўсимлик ёғларининг асосини ташкил этади. Глицерин нитроглицерин, глифталь смолалар и. ч. да, матолар, тери ва қоғозни юмшатувчилар, эмульгаторлар, антифризлар, сурков мойлари, пойабзал мойлари, совун ва елимлар, атир-упа ва косметик препаратлар, тиббиёт мазлари, ликёрлар, қандолат маҳсулотлари компоненти сифатида қўлланилади.