ГЛЮКОКОРТИКОИДЛАР

ГЛЮКОКОРТИКОИДЛАРодам ва умуртқали ҳайвонлар буйрак усти безларининг пўстлоғидан чиқадиган гормонлар. Кимёвий тузилишига кўра стероид. Гипофиз таъсирида холестериндан ҳосил бўлади. Адренокортикотроп гармон Г. секрециясини оширади. Организм ҳаёт фаолияти учун ноқулай шароитлар (қ. Стресс, Адаптацией синдром) рўй берганда Глюкокортикоидлар кўп ишлаб чиқарилади. Асосий Глюкокортикоидлар: гидрокортизон, кортизон, кортикостерон, 11-дегидрокортикостерон. Глюкокортикоидлар асосан углеводлар алмашинувига таъсир этади, жигарда оқсиллардан гликоген синтезланишига ва глюкоза ҳосил бўлишига ёрдам беради; юқори молекулали ёғ кислоталарининг биосинтезига тўсқинлик қилади. Глюкокортикоидлар бириктирувчи ва лимфа тўқималари фаолиятини сусайтириб, турли яллиғланишлар ривожланишига йўл қўймайди. Глюкокортикоидлар ва уларнинг синтетик аналоглари(гидрокортизон-ацетат, преднизолон) тиббиёт ва ветеринарияда кенг қўлланилади.