ГНОТОБИОНТЛАР (юн. gnotos — маълум ва biotos — ҳаёт, тириклик) — микроорганизмлардан тамоман холи бўлган ҳайвонлар. Г. ни илмий тадқиқот ишлари учун стерил шароитда етиштирилади. Баъзан бирор микроорганизм б-н махсус зарарланган ҳайвонларни ҳам Гнотобионтлар дейилади. Микробсиз ҳаёт мумкинлиги тўғрисидаги ғояни биринчи марта Л. Пастер (1885) ўртага ташлаган эди, аммо фақат 20-а. нинг 40-й. лари охирига келиб Америка ва Япония олимлари стерил ва махсус аппаратура ёрдамида микробсиз ҳайвонларни ривожлантириш ва кўпайтириш учун сунъий шароит яратишди. Гнотобионтлар (денгиз чўчқачалари, сичқонлар, қуёнлар ва б. лаб. ҳайвонлари ҳамда чўчқа, бузоқ ва б.) дан экспериментал биол. ва тиббиётнинг турли соҳаларида фойдаланиши 20-а. нинг 60-й. ларига келиб мустақил илмий йўналиш — гнотобиологиянинг ривожланишига олиб келди. Гнотобионтларнинг биринчи авлоди бачадондан ҳомилани стерил чиқариб олиш ёки қушлар, ҳашаротлар ва б. нинг зарарсизлантирилган тухумларини инкубация қилиб, сўнгра махсус изоляторларда ўстириш орқали олинади. Гнотобионтлар бошқа нормал микрофлорага эга бўлган ҳайвонлардан баъзи (хусусан табиий шароитда микрофлора билан контактда бўладиган) органлар ва тўқималарнинг ўзига хос тузилиши ва фукнционал фаоллиги билан фарқ қилади. Гнотобионтларни олиш иммунитет микроб (паразит) б-н хўжайин организми ўзаро таъсири механизмларининг шаклланиши, овқат ҳазм қилиш физиологияси, инфекцион патология ва б. ни қатъий назорат қилинадиган шароитда ўрганишга имкон беради. Гнотобионтлар соҳасида тадқиқотлар табиий шароитда организмда нормал микрофлора бўлгандагина ҳайвонлар нормал ҳаёт кечириши мумкинлигини кўрсатди. Гнотобиология усулларидан клиник тиббиёт, микробиология, иммунология, вирусология, паразитология ва б. соҳаларда, шунингдек, диагностик зардоблар и. ч., фармаколотик ва биологик препаратларни синаб кўришда фойдаланилади.