ГОБЕЛЕН

ГОБЕЛЕН (рус.) — қўлда тасвир ҳосил қилиб тўқилган гилам (шпалер), бадиий буюм. Париж мануфактураси (1662)нинг маҳсулотлари дастлаб шундай аталган (15-а. нинг машҳур бўёқчилари Гобеленлар номидан). Гобелен рангли жун ва ипак (баъзан тилла ва кумуш) иплар билан рассомлар (мануфактура бошқарувчиси рассом Ш. Лебрен, 18-а. да Ф. Буше, Ж. Б. Удри ва б.) картондан буюмнинг табиий катталигида бажарган тасвирлари асосида тўқилган. Mac, Рафаэль Ватикан учун ҳаворий (апостол)лар ҳаётига оид шпалерлар туркуми картонларини чизиб берган, тўқувчи усталар шу картондан фойдаланиб Гобелен тўқиганлар. Алоҳидаалоҳида тўқилган бўлаклар бир-бирига тикилиб яхлит тасвир ҳосил қилинган. Гобеленнинг узига хос хусусияти ўнгининг чивиқли юзаси ва орқа томонининг нотекислигидир. 17 — 18-а. лар Гобелен лари юксак бадиийлиги (тарихий, афсонавий, диний ва адабий мазмуни) билан машҳур бўлган, шу туфайли бошқа мануфактураларда тақлидан яратилган шпалерлар ҳам Гобелен деб атала бошланган. 19-а. дан патсиз, патли, гиламсимон тўқима матолар, ҳатто тасвир ишланган кигизлар ҳам Гобелен деб атала бошланди. Ҳозир қўлда ва машиналарда табиий ва сунъий толалардан тўқилган патсиз, патли мебель матолари, турли безак матолар ҳам Гобелен деб аталади.

Ўзбекистонда Гобелен 1960-й. лардан тўқила бошланди. 1970—80 й. ларда кенг тарқалди. М. Чурлу, Я. ва А. Исҳоқовлар, Л. Талдикина каби усталар самарали меҳнат қилдилар. Гобеленнинг асосий марказлари Тошкент ва Фарғона ш. ларидир. Фарғона (В. Усеинова, Л. Семизарова, С. Шихова ва б.) ва Тошкент (М. Тюрина, Р. Иброҳимова ва б.) усталари бу соҳада баракали ижод қилмоқда. Ўзбекистон Г. ларида Шарқ безаклари, табиат манзаралари, маҳаллий тасвир, ранг-баранглик устун туради. Яна қ. Гиламчилик.