ГОБОЙ

ГОБОЙ (нем. Oboe франц. hautbois — баланд дарахт) — тилчали пуфлама мусиқа сози. 17-а. нинг 2-ярми Францияда Шарқ (араб) мамлакатларидан ўтган сурнайсимон шалмей чолғуси замирида пайдо бўлган. Замонавий Гобойнинг 25 та тешикчаси бўлиб, 22—24 таси клапанлар б-н беркитилган бўлади. Қўш тилчаси қамишнинг махсус туридан ишланади. Икки тузилишдаги (немисча, французча) Гобой мавжуд. Французча Гобой кенг тарқалган, у такомиллашган клапан механизми, оҳангининг софлиги, садолантирилиш ва динамик имкониятларининг бойлиги билан ажралиб туради. Гобой симфоник оркестрдаги ёғоч пуфлама чолғу асбоблар ичида муҳим ўрин тутади. Якканавоз соз, ансамбль сози сифатида ҳам ишлатилади. Кичик Гобой, Г.-альт ёки Гобой д’амур, инглизча рожок (бурғуча) хиллари мавжуд. Ўзбекистонда Н. Кенжабоев, В. Мелкомини каби гобойчилар танилган.

Prev Article

ГОА

Next Article

ГОВА