ГОДОГРАФ

ГОДОГРАФ (юн. hodos — йўл ва… граф) — 1) механикада — бирор вектор функциянинг вақт давомида ўзгаришини кўрсатадиган эгри чизиқ. Mac, MN эгри чизиқ бўйлаб ҳаракатланаётган нуқтанинг Годографи ҳар хил нуқталардаги тезликлар векторларига параллел ва тенг қилиб О нуқтага қўйилган векторлардан ҳосил бўлади (расм). Г. тушунчасини механикага У. Гамильтон киритган,.

2) сейсмологияда — сейсмик тўлқинларнинг манбадан кузатиш пунктигача етиб бориши учун кетган вақтнинг масофага боғлиқлигини кўрсатадиган эгри чизиқ. Бу чизиқнинг шакли ва қиялиги зилзила ёки портлаш ҳосил қилган тўлқинлар ўтган муҳитнинг эластик хусусиятларига боғлиқ. Сейсмик кузатишлар натижасида тузилган Годограф ёрдамида ҳар хил чуқурликларда сейсмик тўлқинлар тезлиги, ер ости қатламлари қалинлиги аниқланади. Годограф ёрдамида ер остининг тузилиши ва қазилма бойликларининг жойлашиши ҳақида ҳам маълумотлар олиш мумкин.