ГОГЕН

ГОГЕН (Gauguin) Поль Эжен Анри (1848.7.6, Париж — 1903.8.5, Маркиз ороллари ) — француз рассоми; постимпрессионизмнинг йирик вакили. 1883 й. дан ижод билан шуғулланган. Г. Юнонистон, қад. Шарқ мамлакатлари санъати, ибтидоий маданияти билан қизиқди. Ўтмиш ҳаёт тарзига қизиқиш уни символизм билан яқинлаштирди, ўзига эргашган ёшлар билан ўзига хос янги рангтасвир тизими («синтетизм»)ни яратди. Гогеннинг «Арлдаги қаҳвахона» (1888), «Рашк қиласанми?» (1892), «Таити пасторали» (1893), «Қиролнинг хотини» (1896), «Мева терими» (1899) ва б. асарларида нотаниш оламнинг ажойиботлари, инсон ва табиат уйғунлиги ҳақидаги орзуларининг гўзал дунёсини яратишга интилади. Гоген ижодига хос бўлган жўшқин ранг, безак ва маҳобатлиликнинг уйғунлиги 20-а. бошида яшаган рассомларнинг ижодий изланишларига таъсир кўрсатди.