ГОГОЛЬ Николай Васильевич

ГОГОЛЬ Николай Васильевич [1809.20.3(1.4), Полтава губерняси, Миргород уезди — 1852.21.2 (4.3), Москва] — рус ёзувчиси. Рус адабиётида танқидий реализмга асос солган. Нежин гимназиясини тугатиб (1828), Петербургга келган. Рассомлик қилган, драма тўгаракларида фаол қатнашган, айрим юмористик ролларни ижро этиб, бадиий ижод билан ҳам шуғулланган. В. Алов тахаллуси билан ёзилган «Ганц Кюхельгартен» романтик достони (1829) салбий бахрлангач, чет элга кетган. Германиянинг Любек, Гамбург ш. ларида бўлган. Петербургга қайтиб, давлат маҳкамаларида хизмат қилади. Маҳкамалардаги қоғозбозлик, сансалорлик каби иллатлар Гоголь учун бой мавзу бўлди («Петербург қиссалари, 1830). А. С. Пушкин билан учрашуви (1831) Гоголь ижодида бурилиш ясади. «Диканька қишлоғи оқшомлари» (1831—32) тўпламига кирган ҳикоя ва қиссалари («Сорочино ярмаркаси», «Даҳшатли қасос» ва б.) Г. га шуҳрат келтирди. Бунда Малороссиядаги турмуш тарзи, одамлар онги, ахлоқи, халқнинг юморга бой афсоналари, урф-одатлари акс эттирилган. Г. Санкт-Петербург ун-ти умумтарих кафедрасида проф. бўлиб ишлади (1834), бу унга тарих билан чуқурроқ танишиш имконини берди. «Миргород» («Иван Иванович билан Иван Никифорович ораларида бўлиб ўтмиш жанжаллар ҳикояти», «Вий» ва б. қиссалар) тўплами ҳамда «Арабескалар» («Нева шоҳ кўчаси», «Портрет», «Тентак мактублари» қиссалари) тўпламида (1835) шаҳар ҳаёти манзаралари «кўздан ёш чиққунча» кулги қўзғатадиган усулда тасвирланади. «Тарас Бульба» (1835) қиссаси украин халқининг чет эл босқинчиларига қарши курашига бағишланган. Гоголь 30-й. лар 1-ярмида «3даражали Владимир» (тугалланмаган), «Уйланиш» (1842 й. да нашр этилди) комедиялари устида ишлади. «Ревизор» (1836) комедиясида Россиядаги мансабпарастлик, хазинани талон-торож қилиш, порахўрлик ва б. ҳажв остига олинган. Гоголь ижодининг чўққиси бўлган «Ўлик жонлар» (1842) достон-романида Россиядаги ўша давр ҳаётига умумий тавсиф берилган.

Гоголь ўз дунёқарашида содир бўлган ахлоқпарастлик гоялари таъсирида «Дўстлар билан ёзишмалардан танланган саҳифалар» (1847) асарини эълон қилади. Мазкур асар В. Г. Белинский томонидан танқидга учрайди («Н. В. Гоголга хат»).

Гогольнинг «Ревизор» (1935—52, Кибриё Қаҳҳорова ва Абдулла Қаҳҳор таржимаси), «Иван Иванович ва Иван Никифорович ораларида бўлиб ўтмиш жанжаллар ҳикояти» (1972, Н. Алимуҳамедов таржимаси), «Улик жонлар» (1959, Рустам Абдураҳмонов таржимаси) ва б. асарлари ўзбек тилида нашр этилган. «Ревизор», «Уйланиш» пьесалари Ўзбекистан театрлари саҳнасида қўйилган.

Озод Шарафиддинов.