ГЎЖА

ГЎЖА — қўқонжўхори (оқ жўхори) ёки қайроқи буғдойдан тайёрланадиган суюқтаом. Гўжа тайёрлаш учун аввало донга ишлов берилади. Бунинг учун оқ жўхори ёки буғдой тозаланиб, бир оз намлангач, ёғоч келида туйиб, елпиб, кепак ва қипикдан тозаланади. Бу иш 2—3 марта такрорланади, сўнг яхшилаб ювилади. Сутли Гўжа, қатиқли Гўжа, жазли Гўжа, ачитма Гўжа каби турлари бор. Сутли Гўжа — дон пишгунча сувда қайнатилади, ортиқча суви тўкиб ташланиб, сут қуйилади, таомга тўғралган ошқовоқсолиш ҳам мумкин. Тузи ростлангач, қозонни оловдан олиб, бир оз дам едирилади. Қозон юзи қаймоқ боғлаганда косаларга сузиб дастурхонга тортилади. 100 г донга ўртача 300 г сут, 50 г ошқовоқ, таъбга кўра туз солинади. Қатиқли Гўжа — қозонда ёғни доғлаб пиёз қовурилади ва сув қуйиб қайнатилади. Сўнгра тайёрлаб қўйилган дон (оқ жўхори)ни солиб, 1 соат давомида милдиратиб қайнатиб очилтирилади. Тайёр таомни оловдан олиб, чўмич билан шопириб совитилади. Қатиқ ёки сузмани яхшилаб ийлаб қўшиб юборилади. Косалар юзига кашнич сепилган ҳолда дастурхонга тортилади. Ачитма Гўжа — қатиқланган гўжа оши совитиб, саночга ёки сопол кўзага солинади. Таом бир неча соатдан сўнг бижғий бошлайди. Ҳар замон — ҳар замонда бир аралаштириб қўйилади. Бу таом жазирама иссиқ кунлари иштаҳа очувчи, шунингдек, чанқовбосди ичимлик сифатида истеъмол қилинади. Жазли Гўжа — ёғни доғлаб, майда тўғралган пиёз қизаргунча қовурилади, сув қуйилади, тайёрланган донни солиб, 40—45 мин. давомида милдиратиб қайнатилади. Дони ярим пишгач, қозонга майда тўғралган ёки қиймаланган гўшт, 1 см катталикда тўртбурчак қилиб тўғралган сабзи ва шолғом солиб яна 20 мин. қайнатилади. Қозонни оловдан олиб, дам едирилади ва дастурхонга тортишда юзига кўк пиёз, бошқа хил ошкўклар сепилади.

Prev Article

ГЮРЗА

Next Article

ГЎКСУВ