ГОЛЬДОНИ

ГОЛЬДОНИ (Goldoni) Карло (1707.25.2, Венеция – 1793.6.2, Париж) — итальян драматурги, итальян театри ислоҳотчиси, миллий комедия асосчиси. Дастлабки асарлари («Момоло кортезан», 1738; «Момоло Брентеда», 1739; «Синиш», 1741) даёқ ниқоблар комедияси (сюжетнинг қисқа схемасидан иборат сценарий асосида тайёргарликсиз томоша яратиш)ни ислоҳ қилган. Мазкур асарлар муқим матнга, аниқ инсоний характерларга, маърифатпарварлик ғоялари сингдирилган, жамиятнинг иллатларини танқид қилувчи мазмунга эга эди. Айни пайтда Гольдони ниқоблар комедиясининг афзал томонларини — хушчақчақлик, сюжет ривожидаги изчилликни саклаб қолган. Гольдони 155 комедия, 18 трагедия, 94 либретто ёзган. Театр тарихига оид «Мемуарлар» (1784—87) муаллифи. «Меҳмонхона бекаси», «Икки бойга бир малай» ва б. комедиялари ўзбек тилига таржима қилиниб, Муқимий театрида саҳналаштирилган.