ГОЛЛАНД ҚОРАМОЛ ЗОТИ

ГОЛЛАНД ҚОРАМОЛ ЗОТИ — сути учун боқиладиган зот. Голландияда маҳаллий қорамол зотларини узоқ давр яхшилаш йўли билан етиштирилган. Голланд қорамол зотининг тана тузилиши мустаҳкам, гавдаси катта, туси кўпинча қора-ола.

Сигирларининг вазни 500—600 кг, буқалариники 700—900 кг. Бузоқлари 38 — 42 кг туғилади, 6 ойлик бўлганда 160 — 170 кг келади. Сигирлари ўртача 3800 — 4200 кг, соф зотлилари 4500— 5500 кг гача сут беради. Сути мойлилиги 4 — 4,2%. Жаҳондаги кўпгина мамлакатларга тарқалган ва бу жойларда унга қариндош бўлган фриз (Буюк Британия, Франция), голштинфриз (АҚШ, Канада, Япония), дания қора-ола, швед қора-ола, остфриз, немис қора-ола зотлари ва б. чиқарилган. Голланд қорамол зоти Россияга 17-а. охири — 18-а. бошларида келтирилган. Ундан жайдари қорамол зотлари билан урчитиб, холмогор, тагиль, бестужев зотларини чиқаришда фойдаланилган. Турли мамлакатларда чикарилган қора-ола қорамол зотлари маҳсулдорлик ва тана тузилишига кўра бир-биридан фарқ қилади. Улардан АҚШ голштинфриз қорамоли энг юқори маҳсулдорлиги билан ажралиб туради (соғим даврида 10000 кг гача сут беради). Ўзбекистонда маҳаллий қорамол зотларини Голланд қорамол зоти билан урчитиб етиштирилган қора-ола зот республиканинг ҳамма вилоятларида (Тошкент вилоятида кўпроқ) боқилади.