ГОЛЛАНДЛАР

ГОЛЛАНДЛАР (ўзларини холандерс деб аташади) — халқ, Нидерландиянинг асосий аҳолиси (12,3 млн. киши). Умумий сони — 14 млн. дан ортиқ киши (1990-й. лар ўрталари). Нидерланд тилида сўзлашади. Диндорлари асосан протестантлар (кальвинистлар, меннонитлар), католиклар.

Ҳоз. Голландия ҳудудида мил. ав. 1-минг йилликнинг 2-ярмида, асосан, кельтлар яшаган. Мил. бошларида бу ерларга герман қабилаларидан фризлар ва батавлар кўчиб келган. Рим империяси босқини даврида (мил. ав. 1-а. — мил. 4-а.) сакслар ва франклар (3—4-а. лар) келиб фризлар ва батавлар билан аралашиб кетганлар. Мана шу қабилалар негизида тарқоқ вилоятларнинг уюшуви 14—15-а. ларда голланд элатини шаклланишига олиб келган, бу ҳудуд эса Нидерландия деб номлана бошлаган. Испания ҳукмронлигига қарши 16-а. да Нидерландия олиб борган миллий озодлик кураши Голландларнинг миллий жиҳатдан жипелашишига катта таъсир кўрсатган. Голландлар миллатининг шаклланиши 18-а. га келиб тугалланган. Голландларнинг аксарияти шаҳарларда саноат, савдо, шунингдек, хизмат кўрсатиш соҳасида ишлайдилар. Қ. х. да, асосан, чорвачилик, гулчилик, денгиз бўйларида балиқчилик билан шуғулланадилар. Боғдорчилик ва гулчилик сохасида Голландлар жаҳонга машҳурдирлар.