ГОЛСУОРСИ (Galsworthy) Жон (1867.14.8 – Лондон – 1933.31.1) – инглиз ёзувчиси, драматурги. Дастлабки асарлари — «Тўрт шамол» (1897) ҳикоялар тўплами, «Жослин» (1898), «Вилла Рубейн» (1900) романлари янги романтик йўналиш таъсирида ёзилган. Голсуорси «Фарисейлар ороли» (1904) романи билан ижтимоий-маиший мавзуда романлар туркуми яратишга киришди. «Қўрғон», «Чорбоғ» (1907), «Қардошлик» (1909), «Патриций» (1911), «Фрилендлар» (1915) романларида жамиятдаги турли табақалар ҳаётидаги қарама-қаршиликлар акс эттирилган. Голсуорси гарчи адабиётдаги янги оқимлар — эстетизм, натурализм, модернизмга замондош бўлса ҳам, анъанавий реализм мактабига содиқ қолиб, уни янги босқичга кўтарди. «Жой» (1907), «Кураш» (1909), «Адолат» (1910) ва б. пьесалари меҳнаткашлар ҳаёти ҳақида. Муайян зодагон оиласи тақдирига бағишланган йирик эпопея — «Форсайтлар ҳақида қисса» (1906 — 22), «Замонавий комедия» (1924—28), «Бобнинг якуни» (1931—33) трилогиялари ва шу туркумга кирган ҳикояларида 19-а. охири — 20-а. нинг биринчи чорагидаги инглиз жамияти ҳаёти моҳирона тасвирланди, жамиятдаги кучли ва ожиз томонлар ҳаётий лавҳаларда очиб берилди. Голсуорси асарлари кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган. Нобель мукофоти лауреати (1932).