ГОМЕОСТАЗ

ГОМЕОСТАЗ, гомеостазис (гомео… ва юн. stasis — ҳаракатсизлик, ҳолат) — биологик системаларнинг ўз таркиби ва хоссаларининг динамик нисбий доимийлигини сақлаб қолиш хусусияти. Гомеостаз тушунчасини америкалик физиолог У. Кеннон (1929) таклиф этган. Гомеостаз биологик тузилишнинг ҳар хил даражасида намоён бўлади.

Физиологик Г. Ерда ҳаётнинг пайдо бўлиши билан шакллана бошлаган, чунки бир ҳужайралиларнинг келиб чиқиши ҳужайра ичида ташқи муҳит шароитидан фарқ қиладиган махсус физик-кимёвий шароитнинг қарор топиши билан боғлиқ бўлган. Кўп ҳужайралиларда вужудга келган ички муҳит ичида ҳужайра ва тўқималар жойлашади, ана шу ички муҳитда Гомеостаз механизмлари ривожланади ва такомиллашиб боради. Эволюция давомида қон айланиш, айириш, нафас олиш, ҳазм қилиш ва Гомеостазни бошқаришда зарур бўлган бошқа махсус системалар вужудга келган. Денгиз умуртқасиз ҳайвонларида ички муҳит суюқлиги ҳажми, ион таркиби ва рН ини барқарорлаштирадиган гомеостатик механизмлар пайдо бўлади. Чучук сув ва қуруқликда яшашга ўтган ҳайвонларда, шунингдек, чучук сувдан денгизга ўтган умуртқалиларда осмотик фаол моддалар концентрацияланади. Гомеостаз айниқса сут эмизувчиларда мукаммал ривожланган бўлиб, уларнинг атроф муҳитга мосланиш имкониятларини оширади. Гомеостаз туфайли қон ва тўқима суюқлиги ҳажми, улардаги ионлар ва осмотик фаол моддалар концентрацияси, қоннинг рН, ундаги оқсиллар, липидлар ва углеводлар таркибининг доимийлиги сақланиб қолади. Қушлар ва сут эмизувчилар тана ҳароратининг доимийлиги Гомеостаз туфайли ҳам бошқарилади. Қўшимча физиологик механизмлар алоҳида органлар ички муҳити доимийлигини таъминлайди. Мас, гематоэнцефалик ва гематоофтальмик барьерлар мия ҳужайралари ва кўзларни ўраб турадиган суюкликларнинг махсус хоссаларини белгилайди. Гомеостазнинг бошқарилишида марказий нерв системаси: бош мия ярим шарлари пўстлоғи, симпатик нерв системаси, гипофиз, буйрак усти ва б. безларнинг ҳолати катта аҳамиятга эга. Ҳар хил регуляция механизмларини ўз ичига оладиган мураккаб гомеостатик системага мисол қилиб артерия босимининг оптимал даражада сақланиб туришини таъминлайдиган системани кўрсатиш мумкин.

Гомеостатик жараёнлар асосида ётадиган механизмларнинг издан чиқиши «Гомеостаз касаллиги» ҳисобланади. Бу жараёнларга шартли равишда биологик ритмларнинг қайта қурилиши ва б. билан боғлиқ бўлган организмлар нормал фаолиятининг функционал бузилишини ҳам киритиш мумкин.

Ўсимликларда Гомеостазни ҳужайра даражасида бошқаришда плазмолемма ва тонопласт асосий аҳамиятга эга. Плазмолемма ташқи муҳитдан ҳужайрага озиқ моддалар, ионлар ва сувнинг оқиб келиши, балласт моддалар ва ортиқча Н+, Na+, Са2+ ионларини чиқариб юборишни; тонопласт эса озиқ моддалар танқислигида вакуоллардан протоплазмага захира моддаларни олиб кириш ва уларнинг ортиқча қисмини вакуолларга чиқарилишини бошқаради. Тўқима даражасида Гомеостазни сақлашда углеводлар ва б. субстратларнинг ҳужайралараро оқимини бошқарадиган плазмодесмалар қатнашади.

Генетик, яъни популяцион Гомеостаз ўзгарувчан муҳит шароитида популяция генотипик структурасининг нисбий барқарорлиги ва яхлитлигини сақлаб туришдан иборат. Бу ҳолатга популяциядаги индивидлар эркин чатишганида аллеллар частотаси генетик мувозанатини, гетерозиготалик ва подиморфизм ҳамда мутация жараёни муайян тезлиги ва йўналишини сақлаб туриш орқали эришилади. Гомеостазни ўрганиш — микроэволюция қонуниятларини тадқиқ қилишнинг долзарб вазифасига киради. «Гомеостаз» тушунчасидан экологияда экосистемалар ҳолати ва улар турғунлигига тасниф беришда кенг фойдаланилади. Гомеостаз туфайли биогеоценозларда турларнинг таркиби ва индивидлар сони барқарорлиги сақланиб туради.

Бакридин Зарипов.

Prev Article

ГОМЕО...

Next Article

ГО МОЖО