ГОМОЛОГИК ҚАТОРЛАР ҚОНУНИ

ГОМОЛОГИК ҚАТОРЛАР ҚОНУНИ, ирсий ўзгарувчанл икнинг гомологик қаторлар қонуни — Н. И. Вавилов томонидан ўсимликларнинг турли систематик гуруҳларидаги ирсий ўзгарувчанликни қиёсий ўрганиш асосида ифодалаб берилган қонун (1920). Гомологик қаторлар қонунининг асосий мазмуни: генетик жиҳатдан яқин бўлган турлар ва туркумлар ирсий ўзгарувчанликнинг бир хил ўхшаш қаторларига эга бўлади; улар умумий тизимда генетик жиҳатдан қанчалик яқин бўлса, уларнинг ўзгарувчанлик қаторларидаги ўхшашлик шу қадар тўлиқроқ бўлади. Умуман ўсимликларнинг ҳар қайси алоҳида оиласи ўзгарувчанликнинг муайян циклига эгалиги, яъни оилани ташкил этувчи барча туркум ва турларда ўзгарувчанликнинг такрорланиши билан характерланади.

Мукаммал ўрганилган тур таркибида топилган ирсий шакллар қаторига асосланиб, бошқа ҳар қандай тур ва туркумларда ҳам худди шундай ирсий шакллар бўлишини олдиндан айтиш мумкин. Тур ва туркумлар келиб чиқиши жиҳатдан бир-бирига қанчалик яқин бўлса, улардаги ирсий ўзгарувчанликлар қатори ҳам шунчалик ўхшаш бўлади. Ҳар хил турга мансуб ғўза (G. barbadense, G. hirsutum, G. arboreum, G. herbaceum) белгиларининг ирсий ўзгарувчанлик қатори Гомологик қаторлар қонунига ёрқин мисол бўла олади: оқ, малла ва кўк толали шаклларни шу тўрт хил ғўза турининг ҳар бири таркибида топиш мумкин. Улардаги чигит, барг шакллари ва б. белгиларининг ўзгарувчанлиги қам параллел равишда боради. Жавдар ҳамда буғдойнинг тукли ва туксиз, қилтиқли ва қилтиқсиз, оқ ва қизил, узун ва қисқа бошокли; кўк, оқ, қизил, сариқ, гунафша ранг донли; кузги ва лалми, эрта ва кечпишар ва ҳ. к. шакллари борлиги аниқланган. Бошқа тур, туркум ҳамда оилага кирувчи ўсимликларда ҳам ирсий белгилар қатори худди юқоридагидек параллел ўзгариши мумкин. Гомологик қаторлар қонуни керакли ирсий ўзгаришларни мақсадга мувофиқ олиш усулларининг биологик негизи, маданий ўсимликларнинг ноёб белгиларга эга бўлган янги навларни яратиш ва аниқлашда назарий асос бўлиб хизмат қилади (қ. Селекция).

Ад: Вавилов Н. И., Закон гомологических рядов в наследственной изменчивости, М., 1987.

Баҳодир Норматов.