ГОМОЗИГОТАЛИК (гомо… ва зигота) — генотипида муайян геннинг бир хил аллелларини сақловчи организмлар ҳолати. Гомозиготалик бир хил аллелларга эга бўлган уруғ ва тухум ҳужайрасининг қўшилишидан ҳосил бўладиган, яъни уруғланган тухум ҳужайранинг ривожланиши туфайли юзага келади. Гомозиготалик кейинги авлодларда фақат ўз-ўзидан чангланадиган ўсимликларда сақланиб қолади. Четдан чангланадиган ва факультатив ўз-ўзидан чангланадиган ўсимликларда (мас, ғўза) организмлар одатда гетерозиготалик ҳолатга ўтади. Шу сабабли бундай ўсимликларда қатор авлодлар давомида Гомозиготалик организмлар олиш ва сақлаш учун инбридинг, яъни яқин қариндош организмлар ўртасида дурагайлаш усулидан фойдаланилади.