ГОНДВАНА

ГОНДВАНА (Ҳиндистоннинг марказий қисмида яшовчи гондлар қабиласи ва Ван — жой номидан) — палеозойнинг кўп қисми ва мезозойнинг бошларида Жан. ярим шарда мавжуд бўлган улкан суперконтинент. Гондвана ҳоз. Жан. Американинг (Анд тоғларидан шарқи) ва Африканинг (Атлас тоғларидан ташқари) кўп қисмини, Мадагаскар о., Арабистон я. о., Ҳиндистон (Ҳимолай тоғларидан жануби), Австралия шарқидаги тоғ тизмаларидан ғарби ва, эҳтимол, Антарктиданинг кўп қисмини ўз ичига олган. Гондвананинг мавжудлиги гипотезаси тарафдорларининг фикрича протерозой ва юқори карбон даврида Гондванани музлик қоплаган. Юқори карбон музлигининг қолдирган излари Марказий ва Жан. Африка, Жан. Американинг жан. да, Ҳиндистон ва Австралияда сақланган. Карбон ва пермь даврларида Гондванада мўътадил ва совуқ, минтақанинг ўзига хос флораси ривожланган. Мезозой даврида Гондвана парчалана бошлаган, бўр даври охири—палеоген даврининг бошларида эса Гондвана хрз, материкларга бўлиниб кетган. Кўпчилик геологлар фикрича, Гондвананинг бўлиниб кетишига унинг ҳоз. бўлакларини горизонтал бўйлаб икки томонга сурилиши сабаб бўлган. Бундай жараён палеомагнетизм маълумотлари бўйича исботланган. Баъзи бир олимлар ҳоз. қитъалар Гондвананинг парчаларидан таркиб топган деб ҳисоблайдилар.