ГЎНГ ЧИВИНЛАРИ

ГЎНГ ЧИВИНЛАРИ (Scatophagidae) — икки қанотли ҳашаротлар туркуми оиласи. Гўнг билан озиқланадиган копрофаг ҳайвонлар. Гўнгда, одатда, сариқ Г. ч. (Scatophaga stercoraria) кўп учрайди. Сариқ Гўнг чивинларининг уз. 10 мм гача, танаси қалин сарғиш туклар билан қопланган. Қуртлари гўнг ва чиқиндиларда яшайдиган майда ҳашаротлар билан озиқланади. Кўпчилик Гўнг чивинларининг ҳаёти гўнг билан боғлиқ эмас. Улар орасида ўсимликларга зиён келтирадиган турлари ҳам бор. Ёввойи ва маданий бошоқдошлар (жавдар, тимофеевка)га бошоқ чивинлари (Anraurosoma) нинг қуртлари ўсимликлар барги ва генератив органларига зиён келтиради. Гўнг чивинлари оиласига 500 дан ортиқ тур киради. Кўпчилик турлари чириётган ўсимликлар б-н боғлиқ.