ГЎНГ

ГЎНГ — маҳаллий органик ўғит; отхона, молхона ва қўй қўраларидан чиқади. Таркибида ўсимликлар учун зарур бўлган азот ва кул элементлари бор. Органик модда (Г. қуруқ моддасининг асосий қисми) тупроқ таркибини, унинг сув ва ҳаво режимини, физик, кимёвий хусусиятларини яхшилайди. Гўнг даги Са ва Mg тупроқ кислоталилигини камайтиради. Фойдали микроорганизмлар унинг биологик фаолиятини оширади. Гўнг ўсимликларда органик модда синтезини кучайтирадиган СО2 манбаларидан бири. Гўнг тупрок, унумдорлигига бир неча йил ижобий таъсир кўрсатади (қ. Маҳаллий ўғшплар). Гўнгни гектарига 30 т ҳисобида минерал ўғитсиз ҳар йили солинганда тупроқдаги органик модда балансини таъминлайди. Гўнгнинг таркиби ва ўғитлик хусусиятлари ҳайвон турига ва ем-хашак сифатига, айниқса Гўнгни йиғиш усуллари ва сақлашга боғлиқ. Ҳайвон истеъмол қилган ем-хашакдан 40% га яқин органик модда, 50—70% азот, 80% фосфор ва 9,5% калий Г. га ўтади. Тўшамасиз Гўнг қуруқ, яримсуюқ ва суюқ ҳолда бўлади. Қуруқ Гўнг ҳайвонлар атрофи ўралган майдонларда боқилганда йиғилади, унинг намлиги 10 — 12%ни ташкил этади, ярим суюқ Гўнг сут-товар фермаларида моллар оғилхоналарда боқилганда йиғилади, намлиги 80—90%; суюқ Гўнг гўнгни тозалаш учун гидроювгич қўлланиладиган гўшт етиштирувчи саноат мажмуаларида йиғилади. Суюқ Гўнгнинг намлиги 95—98%. Қуруқ Гўнг янги, чала чириган, чириган бўлиши мумкин. Чириган Гўнг бир хил қорамтир тусда, хасчўплари 50% чириган бўлади. Уни кузда ёки вегетация даврида ҳам ишлатиш мумкин.

Гўнгни ерга гўнг солувчи машиналар ёрдамида шудгорлаш олдидан солиш асосий усул қисобланади. Гўнг ўсимликларнинг ривожланиши ҳамда ҳосилдорлигига сезиларли таъсир кўрсатади (мас, 1 т гўнг гектаридан 61 кг қўшимча пахта ҳосили олиш имконини беради). Шунингдек, гўнгдан сизиб чиқадиган гўнг шалтоғи тез таъсир кўрсатувчи маҳаллий ўғит ҳисобланади. Унинг таркибида ўртача 0,3—0,5% азот, 0,3% фосфор ва 0,4—0,6% калий бор. Компост тайёрлашда ва бевосита ўғит сифатида ишлатилади. Ерга солишдан бир ҳафта олдин 1 ҳисса шалтоққа 3 — 4 ҳисса сув қўшиб қўйилади, сўнгра суюқ ўғитлагич машинасида ғўза ёки бошқа экин қатор ораларига, гектарига 8—10 т ҳисобидан 10—15 см чуқурликка солинади, шунингдек, сувга қўшиб эгатларга оқизилади. Гўнг шалтоғини йиғишда молхона ва отхона йўлагининг икки четига ариқча қилиниб, ариқча этагига 2—3 м чуқурликда ўра қазилади. Ўра туби, деворлари цементдан ишланиб, суюқлик сизилмайдиган қилинади. Гўнгхоналарда ҳам бундай ўралар бўлади, гўнгдан чиқадиган шалтоқ шу ўрага тўпланади. Бир йилда ҳар бош қорамолдан 1,5—2,2 м3 Гўнг шалтоғи йиғилади.

Хуршида Рисқиева, Туроп Ҳожиев.

Loading...