ГОНИОМЕТР (юн. gonia — бурчак ва метр) — икки ёқли бурчакларни ўлчайдиган асбоб. Силлиқланган металл ва кристаллар қирралари бурчагини ўлчашда ишлатилади. Гониометрнинг бевосита қирраларга қўйиб ўлчайдиган ва нур қайтишига асосланиб ўлчайдиган хиллари бор. Нур қайтишига асосланган Гониометр якка айланали ва қўш айланали бўлади; икки қиррадан қайтган нурлар орасидаги бурчакни ўлчайди. Бундай Гониометр горизонтал металл ёки шиша доира, курсича, кузатиш трубаси ва қўзғалмас коллиматордан иборат. Коллиматордан тушган нурлар кристалл қирраларидан қайтади ва кузатиш трубасига тушади. Гониометр геология, минералогия, петрография, кристаллография ва б. соҳаларда ишлатилади.