ГОРЕЛКА

ГОРЕЛКА (русча) — газ, кўмир кукуни, мазут ва б. ни кислород (ҳаво) билан аралаштириб ёқиш учун мўлжалланган мослама. Хонадонлар ва умумий овқатланиш корхоналарида ишлатиладиган газ плитаси Горелкаси, лаб. газ Горелкаси, қирқиш, пайвандлаш, буғ қозонлари ва печь Г. лари бўлади. Лаб. газ Горелкаси лаб. да тажрибалар ўтказиш; қирқиш Горелкаси металл ва қотишмаларни кислород алангасида қирқиш учун қўлланилади. Пайвандлаш Г. лари инжекторли ва инжекторсиз бўлиб, металл трубалар ва конструкцияларни пайвандлашда ишлатилади. Буғ қозонларида 8—10 та ва ундан кўп Горелка бўлади. Улар ўчоқ камерасига ўрнатилади. Печь Горелкалари, баъзан, ўтга чидамли ғиштлардан ясалади (мас, мартен печида шундай Горелка ишлатилган).