ГОРИЗОНТАЛ ТЕЛЕСКОП

ГОРИЗОНТАЛ ТЕЛЕСКОП — оптик ўқи горизонтал жойлашган астрономик асбоб. Қуёш бетидаги гранулалар, доглар ва ҳ. к. фотосуратини олишда ишлатилади. Горизонтал телескопда целостатдан кейин ёрдамчи кўзгудан қайтган қуёш нури дастаси тасвир ясовчи оптик системага боради. Ёрдамчи кўзгудан қайтган нур телескоп дарчасидан ўтиб, параболик шаклдаги бош кўзгуга тушади. Бу кўзгу Қуёшнинг 160 мм ли тасвирини телескопнинг Ньютон фокусида ҳосил қилади. Бош кўзгунинг вазиятини ўзгартириш йўли билан ундан қайтган нурни Кассегрен кўзгусига тушириб, диаметри 900 мм ли Қуёш тасвирини олиш мумкин. Қуёшнинг оқ нурдаги тасвирини фотосуратга олиш учун Горизонтал телескопнинг Ньютон ва Кассегрен фокусига камера ўрнатилади. Горизонтал телескоп Тошкент астрономия ин-тида ҳам бор.

Loading...