ГЎШТ САНОАТИ

ГЎШТ САНОАТИ — сўйилган молни комплекс тарзда қайта ишловчи саноат тармоғи, озиқ-овқат саноатининг муҳим сохаси. Гўшт саноати корхоналарида қорамол, қўй-эчки, парранда, қуён ва б. сўйилиб, ундан гўшт олинади, гўшт консерваси, колбаса мақсулотлари, ярим тайёр фабрикатлар (котлет, чучвара, пазандачилик маҳсулотлари) тайёрланади; шунингдек чорвага ем сифатида ишлатиладиган гўшт ва суяк уни, қимматбаҳо тиббий препаратлар (инсулин, гепарин, липокаин ва б.), аминокислоталар, шунингдек, елим, парранда пари ва пати, желатин ишлаб чиқарилади. Гўшт саноатида ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг хили 400 дан ошади. Кўпгина мамлакатларда гўшт ва гўшт маҳсулотларини и. ч. асосан 20-а. ўрталаридан саноат миқёсида ривожлана бошлади. 30—40-й. ларга келиб йирик гўшт к-тлари қурилди. И. ч. да замонавий машина ва аппаратларни қўллаш, и. ч. жараёнларини механизациялаш натижасида Гўшт саноатида маҳсулот етиштириш салмоғи ошиб борди. Mac, AҚШ да гўшт етиштириш яхши тараққий этган бўлиб, жами сўйилган молларнинг 95% га яқини саноат усулида қайта ишланади. Шунингдек, Аргентина, Уругвай, Янги Зеландия, Австралия ва бошқа давлатларда ҳам бу борада катта ютукларга эришилган. Ғарбий Европанинг қатор мамлакатларида қорамол сўйиш коммунал кушхоналарда, колбаса маҳсулотлари, консервалар ва б. гўшт маҳсулотлари и. ч. эса махсус корхоналарда, шунингдек магазинлар қошидаги майда қассобхоналарда амалга оширилади. Гўшт ишлаб чиқарувчи асосий мамлакатлар — Европа, Шим. Америка мамлакатлари, Хитой. Жаҳонда аҳоли жон бошига ГЎШТ истеъмол этишнинг ўртача йиллик ҳажми 35 кг атрофида, унинг энг кам даражаси Африка мамлакатлари, Жан. Америка ва Жан.-Шарқий Осиё мамлакатларига, юқори даражаси эса асосий гўшт ишлаб чиқарувчи мамлакатларга тўғри келади (йилига ўртача 120—130 кг). Кейинги даврда Ғарбий Европа ва АҚШда гўшт етиштиришда парранда гўштини ишлаб чиқариш кўпайиб бормоқда. Жаҳон бўйича ялпи гўшт ишлаб чиқариш 225,9 млн. т (1999).

Ўзбекистонда ҳам саноатнинг бу тармоғи асосан 30-й. лардан бошлаб шаклланди. Бунга қадар аҳолини гўшт билан майда ва тарқоқ қассобхона ҳамда кушхоналар таъминлаб келган. От гўштидан қази, қорамол, қўй гўштидан узоқ муддат сақланадиган қуритилган, қовурилган гўшт маҳсулотлари тайёрланган. 1905 й. да тошкентлик бой Орифхўжа Азизхўжаев Туркистон ўлкасида дастлабки з-д типидаги кушхонага асос солган. 1929 й. да бу кушхона негизида Тошкент гўшт к-ти ташкил этилади. 1932 й. да Гўшт саноати республика халқ хўжалиги режасига алоҳида саноат тармоғи сифатида киритилди. Ўша йили Тошкент, Самарқанд, Андижон, Бухоро, Каттақўрғон, Термиз, Қарши, Қўқон ш. ларидаги 8 та шаҳар қассобхонаси, Самарқанд ва Бухородаги музхона (музлаткич)ни бирлаштирган «Ўзгўштсовитишсаноат» трести ташкил этилди. Кейинчалик бу трест таркибига Олмалиқ, Чирчиқ, Наманган, Янгийўл ш. ларидаги кушхоналар, Хўжайли, Урганч мол сўйиш пунктлари ва Тошкент музхона к-ти ҳам кирди. 1955—65 й. ларда Бухоро, Хўжайли, Урганч (ҳаммаси 1956 й. да), Термиз (1960), Шахрисабз (1965) гўшт к-тлари қурилди. 1965 й. да Республика Гўшт ва сут саноати вазирлигининг ташкил этилиши б-н. Г. с корхоналари қурилиши жадаллашди. Чирчиқ, Фарғона, Каттақўрғон, Самарқанд гўшт к-тларида юқори қувватга эга бўлган колбаса цехлари қурилди. 1949 й. да Ўзбекистондаги 14 гўшт комбинатининг смена қуввати 82 т гўштни қайта ишлаш, 17,2 т колбаса маҳсулотлари и. ч. даражасида бўлса, 1979 й. да 18 гўшт к-тининг смена қуввати 438,5 т гўштни қайта ишлаш ва 125,5 т колбаса маҳсулотлари и. ч. гача ортди. 1970 — 1995 й. ларда Самарқанд, Навоий, Урганч, Жиззах ва Наманган гўшт к-тлари қуриб ишга туширилди, Бухоро, Фарғона, Термиз, Хўжайли, Қарши, Шаҳрисабз гўшт к-тлари қайта таъмирланиб, қувватлари оширилди. Кўпгина корхоналар янги технологияларни қўллаш асосида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турларини кўпайтиришга эришдилар.

Республика мустақилликка эришгандан кейин бошқа соҳалардаги сингари гўшт саноати соҳасида ҳам чуқур ташкилий ва иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилди, тармоқдаги корхоналарнинг кўпчилиги давлат тасарруфидан чиқарилиб, акциядорлик жамиятларига айлантирилди. Илгари тармоқ корхоналарига раҳбарлик қилган Гўшт ва сут саноати вазирлиги тугатилиб, 1993 й. 6 апр. да «Ўзгўштсутсаноат» давлат-акциядорлик уюшмаси ташкил этилди. 1991—2001 й. ларда республикадаги жамоа хўжаликлари ва тадбиркорлар томонидан замонавий технология ускуналари билан жиҳозланган гўшт ва колбаса махсулотлари ишлаб чиқарадиган кўплаб корхоналар қурилди. Тармоқдаги энг йирик корхона Тошкент вилояти (Ўртаовул)даги гўшт к-тидир. Тошкент вилоятида бундан ташқари Ангрен, Бекобод, Олмалиқ, Чирчиқ гўшт к-тлари ва Янгийўл тажриба колбаса зди ишлайди. «Ўзбекбирлашув»нинг «Ўзбекистан ширкат саноати» бирлашмаси таркибида ҳам колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган ўнлаб цехлар фаолият кўрсатади.

Республика Гўшт саноати еда Германия ва Туркия, Хитой фирмалари билан ҳамкорликда суякни қайта ишлаш, ичак махсулотлари тайёрлаш, ярим тайёр гўшт маҳсулотлари и. ч., гўштни қадоқлаш ва ўраб истеъмолга чиқариш бўйича тадбирлар амалга оширилади. Хоз. «Ўзгўштсутсаноат» уюшмаси таркибида 16 йирик гўшт корхонаси (к-тлар) 45 гўшт етиштиришга ихтисослашган хужаликлар, вилоят туманларида сўқимга боқиладиган ва бўрдоқичилик пунктлари ҳамда 160 дан ортиқ ўрта ва кичик корхоналар бор. Республика Гўшт саноати ўзининг мустақил ва етарли хом ашё базасига эга. Кейинги йилларда республикада чорва моллари бош сонини сақлаб қолган ҳолда, гўшт ва гўшт маҳсулотлари и. ч. ни кўпайтиришга эришиш йўлидаги тадбирлар давом эттирилмоқда. 2000 й. да Ўзбекистон Республикасида 841,1 минг т гўшт етиштирилди (тирик вазнда) ва Гўшт саноатида 121,6 минг т гўшт ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.

Пўлат Турсунхўжаев.

Loading...