ГОССИПОЛ

ГОССИПОЛ, С30Н30О8 — сариқ рангли заҳарли, қаттиқ кристалл модда. Полифенол бирикмаларга киради. Ғўза чигити ва иддиз пўстлоғида кўп миқдорда (0,02—1,6%), бошқа қисмларида эса кам бўлади. Госсипол ва унинг аналоглари — госсипурпурин, госсивердурин, госсифульвин чигит ядросидаги махсус безчаларда жойлашган бўлиб, улар девори ниҳоятда мустаҳкам ва кўпчилик органик эритувчилар таъсирига чидамли. Лекин паст молекуляр спиртлар ва сувда Госсипол безчалари тезда емирилади. Ғўзанинг ҳар хил тур ва навларида Госсипол миқдори турлича. Ингичка толали ғўза навлари таркибида Госсипол кўп миқдорда (1,47—1,60%) бўлади. Чорва моллари, айниқса қорамолга чигит кунжараси ва шроти меъёрдан ортиқ берилганда моллар озуқа таркибидаги Госсиполдан заҳарланиши мумкин. Госсипол ёғ саноати чиқиндиларидан олинади. Госсипол антраналитлари, Госсипол смоласи ва уларнинг маҳсулотлари инсон учун фойдали моддалар ҳисобланади. Улар халқ хўжалигининг турли соҳаларида: тиббиёт, кимё саноати, қ. х., металл қуйиш саноати ва б. да ишлатилади. Госсипол вирусга фаол таъсир қилади. Шу сабабли ҳозирги вақтда Госсиполдан вирусга қарши ишлатиладиган интерферон индуктори препаратлари ва б. моддалар ажратиб олинган. Ад.: Сады ков А. С, Хлопчатник — чудо растение, М., 1985.

Абдукарим Зикирёев.