ГОТИКА (итал. gotico — герман қабилаларидан готлар номидан) , готика услуби — Ғарбий, Марказий ва қисман Шарқий Европа мамлакатларида ўрта асрлар санъатида ҳукм сурган бадиий услуб. «Готика» термини Уйғониш даврида қўлланила бошлаган. 12-а. да роман услуби ўрнига юзага келган. Готикада етакчи ўринни меъморлик эгаллади, унда меъморлик, ҳайкалтарошлик ва рангтасвир (асосан витраж)нинг уйғунлиги буюк намунаси бўлган ибодатхона алоҳида ўрин тутади. Ибодатхона қуришнинг янги лойиҳа тизими ишлаб чиқилди: бош тарзи учли равоқли ва гумбазлари қовурғали (нервюр), оғирлиги аркбутанлар орқали ташқи девор ва таянч устунлар (контрфорс)га ўтказилган синчли тузилма. Гумбаз тўшамалари енгил қаламалар б-н тўлдирилган, устун ораларидаги йирик ойналар витражлар билан безатилган, ғарбий тарзида миноралар (бал. 150 м гача) қурилган. Бу янги лойиҳа нефлар кенглиги ва бино баландлигини бирмунча оширган. Шунинг ҳисобига иншоот енгил, мужассамотига кўра кўкка чўзилган. Ичи ва ташқариси ҳайкаллар ва нафис тош ўймакори безаклар билан безатилган. Мужассамотида панжарали баланд миноралар муҳим ўрин тутган. Готика меъморлигига учли вимперглар, дераза ва пештоқлар, доира шаклидаги ойналар, безак қисм (фиал)лар ва ш. к. меъморий шакллар хос.
Готика 12-а. ўрталарида Шим. Францияда юзага келди. 13-а. 1-ярмида юксак даражада ривожланди. Шу ерда Готиканинг тош ибодатхоналари ўзининг мумтоз шаклига эга бўлди. Биби Марям ибодатхонаси (Нотрдам, 1163—1257), Шартр (1194-1260), Реймс (1211-1311), Амьен (1220—88) ва б. даги ибодатхоналар Готиканинг юксак намунасидир.
Нидерландия, Шим. Германия, Скандинавия, Испания, Италия, Польша, Чехия, Латвия, Эстония ва б. жойларда ҳам Готика маҳаллий анъаналар таъсирида ривожланди. Готиканинг илғор усуллари Уйғониш даври ва барокко меъморлигига ижобий таъсир кўрсатди.
Готика тасвирий санъати диний ва дунёвий дунёқарашлардаги уйғунликни сақлаган ҳолда ривожланди, айни вақтда воқеликни унинг ҳодисалари билан бирга акс эттиришга интилди. Ибодатхоналар безагида ҳайкал ва рельефлар (мас. Реймс ибодатхонасида 2300 дан ортиқ ҳайкал), витражлар (Сен-Дени, Шартр ва б. да) кенг қўлланилган, тасвирий санъат асарлари меъморий мужассамотга бўйсундирилган. Диний мавзудаги асарлар билан бир қаторда маиший лавҳалар, меҳнат жараёни акс этган, баъзан ҳажвий лавҳалар ҳам учрайди (Париж, Амьен, Страсбург ва б. жойлардаги ибодатхоналар). Амалий безак санъати юксак даражада ривожланди: тош ва фил суяги ўймакорлиги, металл буюмлар, эмаль ва ш. к. Рангтасвирда нисбатан китоб миниатюраси кенг тараққий этди, унда тарихий ва маиший лавҳалар ҳаққоний акс эттирилди.
Ўзбекистан ҳудудида 19-а. охири — 20-а. бошларида Готика услуб-белгилари меъморликда пайдо бўлди (мас, Тошкент ш. даги Кирха биноси).
Неъмат Абдуллаев.