ГОВА

ГОВА (форс, ҳўкиз) — қад. Суғдиёна ўлкасининг алоҳида музофоти. Авесто китобида Зарафшон водийси ҳақида гапирилиб, «Суғуда» (Суғд) номи билан бирга «Гова» номи ҳам тилга олинган. Ундаги маълумотга кўра Г. ҳоз. Самарканд вилоятининг шарқий туманларини ўз ичига олган ва сувга сероб, чорваси кўп обод жой бўлиб, ахрлиси фаровон турмуш кечирган. Афсоналарда Гова одам бошли ҳўкиз (Говмард) образида тасвирланади. Хоразмда у «Жовмард қассоб» («Говмард қассоб») номли эпик қаҳрамон образида тилга олинади. Самарканд яқинидаги Талли Барзу харобаси қазилганда, милоднинг бошларига оид бир хум синиғи топилди, унда одам бошли ҳўкиз сурати тасвирланган.