ГОВПЕЧАК

ГОВПЕЧАК, архар ўти (Calystegia sepium (L. R. Br.) — печакгулдошларга мансуб кўп йиллик илдизпояли ўт. Пояси чирмашиб, шохланиб усади, уз. 1,5—3 м га етади. Барглари бандли, ўқсимон, учи ўткир, икки бўлмали. Гуллари оқ ёки оч пушти, гулбанди узун. Меваси думалоқ, бир уяли кўп уруғли кўсакча. Июнь—авг. да гуллайди, июль—сент. да меватугади. Бир тупи 400 та уруғ беради. Уруғи ва илдизпоясидан кўпаяди. Майсаси апр. — июнда кўкаради. Илдизпояси судралиб усади. Ёз бўйи илдизпоясидаги куртаклардан бачки поялар ўсиб чиқади. Ўрта Осиёдаги барча ҳудудларда тарқалган. Авж олиб ўсганда экинларни босиб кетади. Ариқ бўйлари, боғларда ва б. сернам жойларда учрайди.