ГРАФФИТЛАР

ГРАФФИТЛАР (итал. graffi to — тирналган) — иморатларнинг деворлари ва идишлар сиртига тирнаш йўли билан чизилган қад. ёзувлар, нақш ва суратлар. Граффитлар қад. одамларнинг касби, қизиқишлари, санъати, турмуши хусусиятлари тўғрисида муҳим маълумотларни саклаб қолган. Граффитлар қад. қабилаларнинг жонли тилини билишга имкон беради. У палеография фанини янги маълумотлар билан бойитишда муҳим аҳамиятга эга. Ўрта Осиёнинг қадимда аҳоли яшаган манзилгоҳларидан топилган Граффитлар ҳам аждодларимизнинг кўҳна маданияти ва ёзув намуналарини ўрганишда манба бўлиб хизмат қилмоқда.