ГРАФИК УСУЛЛАР

ГРАФИК УСУЛЛАР, и. ч. ни бошқаришдаги график усуллар — биронбир ташкилий ёки бошқарув ишларини шартли тасвирлаш усуллари. Дастлаб, 20-а. бошларида АҚШ муҳандислари Ф. У. Тейлор ва Г. Л. Гантлар и. ч. ни бошқаришни ташкил этиш усулларидан бири сифатида қўллаганлар. График усуллар ёрдамида бошкариш жараёнларини моделлаш масалалари ҳал қилинади, турли омиллар ўртасидаги ўзаро боғлиқлик, ҳисоб кўрсаткичлари аниқланади, хўжалик амаллари назорат қилинади, гуруҳларга ажратилади. И. ч. ни бошқаришда тасвирий-ахборот (безак-информацион) оператив, аналитик ва ҳисоб графиклари ишлатилади. Тасвирий-ахборот аниқ белгиланган, олдиндан текширилган, бошқарилувчи жараёнларнинг ҳақиқий ҳолатини акс эттирувчи маълумотлардан тузилади; оператив графиклар вазифаларни тез суърат билан ҳал қилишда қўлланилади; аналитик графиклар мантиқий ва математик қайта ишланган маълумотлардан тузилади; ҳисоб графиклар (мас, номограммалар) ўзгарувчан кўпдан-кўп қийматларга боғлиқ бўлган функцияни ҳосил қилишга имкон берадиган ахборотлар бўлади. График усулларда схема, диаграмма, жадваллар ва б. чизма воситалардан фойдаланилади. ЭҲМ ва компьютерлар пайдо бўлгандан сўнг График усуллар вазифалари шулар зиммасига юкланмоқда. Лекин График усуллар ҳали ҳам ўз нуфузини йўқотгани йўқ.

Loading...