ГРАФИТ

ГРАФИТ (юн. grapho — ёзаман) — минерал, Ер пўстила учрайдиган соф углероднинг бир кўриниши, кимёвий формуласи — С. Гексагональ сингонияли. Кристаллари 6 бурчакли пластинка, тахтача ва тангача шаклида. Ранги қора ва тўқ кулранг, металлсимон ялтироқ, қаттиқлиги 1, қатламнинг ўзида эса юқори — 5,5 ва ундан кўп. Зичлиги 2,2 г/ см3. Кенг тарқалган. Ўтга чидамли, электрни яхши ўтказади, кимёвий барқарор. Сунъий равишда ҳам олинади. Асосан метаморфик жинсларда, кам ҳолларда магматик жинсларда учрайди. Ўзбекистонда (Қоратепа, Зирабулоқ, Қулжуқтов, Марказий Қизилқум) майда ва йирик конлар ҳрсил қилган. РФда (Ильмень тоғи), Украина (Кривой Рог), Канада, Австралия, АКШда конлари бор. Энг катта кони Тошқазғанда (Қулжуқтов). Г. дан тигель, қалам, электрод, бўёқлар тайёрланади. Ядро техникасида, ракета двигателлари соплоси (оғзи)ни қоплашда, юқори ҳароратга чидамли бўёқлар, электродлар тайёрлашда ишлатилади.