ГРАНАДА

ГРАНАДА (араб. Ғарнота) — Испаниянинг жан. даги шаҳар, Андалусия мухтор вилоятида. Сьерра-Невада тоғи ён багрида, Хениль дарёси водийсида жойлашган. Гранада провинциясининг маъмурий маркази. Аҳолиси қарийб 242 минг киши (1998). Т. й. тугуни. Т. й. орқали Ўрта денгиз бўйидаги Мотриль порти билан боғланган. Саноати, асосан, қ. х. маҳсулотларини қайта ишлашга ихтисослашган. Гранада яқинидан темир рудаси қазиб чиқарилади. Озиқ-овқат, цемент, кимё з-ди, тўқимачилик саноати корхоналари ва қоғоз ф-калари бор. Шаҳар тарихий манбаларда илк бор 8-а. да қайд қилинган. 11-а. дан араблар қўл остида, 1238 й. дан Ғарнота амирлиги таркибида бўлган. 1492 й. дан Испания тасарруфига ўтган. Араблар истилоси даврида Гранада Мавритания давлатининг сиёсий, маданий ва иқтисодий марказларидан бири бўлган. Меъморий ёдгорликларидан Мавритания меъморлиги санъати услубида қурилган қалъа-сарой (13—14-а. лар) ва Карл V саройи ҳамда Уйғониш даврига оид собор ва б. сакланган. Ун-т бор (16-а. дан). Туризм ривожланган. Ҳар йили мусиқа фестиваллари ўтказилиб турилади.