ГРАНАДОС

ГРАНАДОС, Гранадос и Кампинья (Granados у Campina) Энрике (1867.27.7, Лерида, Каталония — 1916.24.3) — испан композитори, пианиночи ва педагог, замонавий миллий композиторлик мактаби асосчиларидан. Мусиқа таълимини Барселонада олган, кейинчалик Парижга бориб, фортепиано ижрочилиги (Ш. Бериода) ва композиция бўйича (Ж. Масснеда) ўз малакасини оширган. Барселонада ўзи ташкил этган Мусиқа академиясига раҳбарлик қилган (1901 —16). Ламанш бўғозида кема ҳалокатида ҳалок бўлган. Ижодида испан халқ оҳанглари ва усулларини замонавий мусиқанинг ифода воситалари билан уйғунлаштирган. 6 опера, симфоник оркестр учун поэма ва сюиталар (шу жумладан, «Арабча сюита»), фортепиано асарлари («Арагонча хота», «Испанча каприччио» ва б.), испан шоирлари сўзларига романс ва қўшиқлар яратган.

Loading...