ГРАНАТА (итал. — granata) — жанговар қуролларнинг бир тури; портловчи (зарядли) снарядларнинг умумий номи. Биринчи марта 16-а. да қўл б-н ирғитиладиган, 17-а. да артиллерия Г. лари пайдо бўлди. Дастлабки Граната ларда заряд сифатида ёритувчи ёки ёндирувчи моддалар, кейинчалик порох ишлатилган, ҳозирги Граната ларда асосан тротил деб аталадиган портловчи модда ишлатилади. Гранатанинг корпуси пўлат ёки пўлатсимон чўяндан ясалади. Портлаш таъсирига кўра Г. лар парчаланувчи (душман жонли кучлари ва техникасига шикаст етказиш учун қўлланилади), парчаланувчи-фугас ва фугас Граната (мудофаа истеҳкомларини портловчи заряд гази кучи билан вайрон қилиш ҳамда жонли кучларга шикаст етказиш учун қўлланилади), парчаланувчи-ёндирувчи хилларга (кичик калибрли зенит артиллериясида қўлланилади) бўлинади. Қўл билан ирғитиладиган Гранаталар парчаланувчи ва танкка қарши қўлланиладиган; механизмининг тузилишига кўра, зарб таъсирида тез портлайдиган ва маълум вақтдан кейин портлайдиган Граната ларга бўлинади. Маълум вақтдан кейин портлайдиган Гранаталар пана жойларда ҳужумга ўтилганда ва б. ҳолларда қўлланилади, зарб таъсирида тез портлайдиган Гранаталар эса танкка қарши, пулемёт ва б. хил ўт очиш нуқталарини вайрон қилишда ишлатилади. Машқ Г. ларидан ҳарбий қисм (бўлинма)ларда аскарларни ва спорт майдонларида спортчиларни Граната ирғитишга ўргатишда фойдаланилади.