ГРАНАТЛАР (лот. granatus — донадор) — оролсимон силикатлар кичик синфига мансуб минераллар гуруҳи. Изоморф қаторлар ҳосил қилади. Куб сингонияли. Гранатлар кристалл-кимёвий хусусиятларига қараб 2 турга: магний-марганецтемирли Гранатлар — пироп, альмандин, спессартин; кальцийли Гранатлар — гроссуляр, андрадит, уваровитга бўлинади. Гранатлар табиатда, кўпинча донадор агрегатлар, қўшалоқ кристаллар, юмшоқ, силлиқ доначалар ҳолида учрайди. Қаттиқлиги 6,0—7,5, зичлиги 3,2—4,3 г/см3. Г. нинг рангсиз, зангори, сариқ, яшил, қўнғир, қора, пушти, қизил, қизғиш-қўнғир ранглари маълум. Гранатлар метасоматик жинсларда, скарнларда (андрадит, гроссуляр), пегматит ертомирларда (спессартин, альмандин), метаморфик сланецларда, эклогит ва кимберлитларда ҳосил бўлади. Гидротермал ертомирларда ва сочма ҳолда ҳам учрайди. Гранатларнинг шаффоф ва чиройли турлари (пироп, альмандин, демантоид) заргарлиқда ярим қимматбаҳо тош, қолган хиллари саноатда абразив материал сифатида ишлатилади. Гранатларнинг йирик конлари Ҳиндистон, Чехия, РФ (Урал) ҳамда Жан. Кавказда топилган. Марказий Осиёда гроссуляр ва андрадит скарнларда, вольфрам ва магнетит конларида (Қуйтош, Лангар ва Турлангли), мунчоқ шаклидаги альмандин ва спессартин Туркистон ва Қоратепа тоғларида учрайди.