ГРАНИТ

ГРАНИТ (лот. granum — дона) — тўлиқ кристалланган нордон магматик тоғ жинси. Материклардаги Ер пўстида энг кўп тарқалган жинс. Таркиби кремний оксиди (SiO2) га бой. Ер пўстининг чуқур қисмида, магманинг бутунлай кристалланишидан ҳосил бўлади. Гранитнинг томирли тури порфир структурали. Кимёвий таркибига кўра нормал ва ишқорли Гранит ларга бўлинади. Гранитда кварц, калийли дала шпати (ортоклаз, микроклин), нордон плагиоклаз (альбит, олигоклаз), шунингдек, слюда (биотит ёки мусковит), амфибол ва гоҳо пироксен булади. Акцессор минераллардан апатит, циркон, магнетит, титанит, баъзан ортит, монацит, ксенотим ва рутил учрайди. Ранги қизил, пушти, оч малла, оч сариқ, буз ранг, баъзан оч яшил. Гранит катта интрузив массив (шток, батолит) ва дайка, лакколит шаклида учрайди. Йирик донадор Гранит рапокив дейилади. Баъзи Гранитлар билан турли қимматли металл конлари (қалай, вольфрам, молибден, pyx, қўрғошин ва б.) боғлиқ. Гранит яхши силлиқланади, бўлакларга ажралади, шунинг учун иморат девориларини безаш, пойдеворига нақшлар ишлаш, зинапоялар ясаш ва ҳайкалтарошликда кўплаб ишлатилади. Ўзбекистонда Чатқол, Қурама, Ҳисор, Зирабулоқ, Зиёвуддин ва б. тоғларда, хорижда Урал, Кавказ тоғларида, Украина, Карелия, Кола я. о., АҚШ ва Скандинавия мамлакатларида катта майдонларда таркалган. Гранитли интрузиялар ёши археидан кайнозойгача бўлган даврни ўз ичига олган.