ГРАВИМЕТР

ГРАВИМЕТР (лот. gravis — огир ва … метр) — оғирлик кучи тезланишини ўлчайдиган асбоб. Кўпинча, пружинали ёки айланувчи тарозидан иборат бўлади. Бундай Гравиметрлар ёрдамида оғирлик кучи тезланишлари фарқи ўлчанади. Пружинали Гравиметрда тезланишлар фарқини аниқлаш учун пружинага осилган юкча вазияти Гравиметр шкаласи бўйича ўзгариши аниқланади. Бунда ўлчашлар оғирлик кучи тезланиши маълум бўлган пунктда ва тадқиқ қилинаётган пунктда кетма-кет амалга оширилади. Саёз жойларда, сув тубида, сув усти ва сув остида сузувчи кемаларда, самолётларда оғирлик кучини ўлчовчи махсус Гравиметрлар бор. Огирлик кучининг Ой ва Қуёшга боғлиқ тарзда ўзгаришларини бир неча ойлаб қайд қилишга имкон берадиган Гравиметрлар мавжуд.